ТОП просматриваемых книг сайта:
АСАРЛАР (I жилд). Сирожиддин Саййид
Читать онлайн.Название АСАРЛАР (I жилд)
Год выпуска 0
isbn 978-9943-26-859-3
Автор произведения Сирожиддин Саййид
Издательство SHARQ
Чолғу асбобларин торларин юлиб
Ақлдан озади бармоқлар.
Овозлар товланар ‒
Шаҳарлар куйлар.
Қўшиқлар ҳамиша айтиб келинган.
Самолётда учмоқдасиз Сиз.
Хомушсиз. Ғамгинсиз. Безовта.
Бирдан! ‒
Мавжларнинг кўринмас жўмракларидан
Руҳингизга қуйилар оҳанг.
Ёшликларга қайтариб Сизни ‒
Руҳингизга қуйилар оҳанг.
Майли,
Мен халақит бермайман Сизга.
Эслайман Боботоғ адирларини,
Бандихон даштлари келар ёдимга.
Уларнинг кўксида тошлар,
Сурувлар,
Подалар сочилган ноталар каби.
Минг хил қўшиқ асрар улар мен учун ‒
Менга ёқадиган қўшиқлар!
«Нима менга бу тунлар…»
Нима менга бу тунлар,
Бу соғинчлар нимадир менга?
Хайрлашувга чўзилган қўлдай
Юз йиллик ёнғоқда титрар ёлғиз барг.
Нима менга бу куз, у билан
Мардона хайрлаша олмасам агар?
Балки осмон мукаммалдир
Ой бўлмаса ҳам,
Бироқ бу тунлар
Сенинг жамолингсиз мукаммал эмас!
Сен олиб кир қадамларингни,
Қўлларингни олиб киргин сен.
Кўксим саҳросига ёйиб юборгин
Сочларингнинг шамолларини.
Мен севги ҳақида бўзлаган
Барча шоирларни унутаман!
Сенга юз тутаман,
мен бу тунларнинг
Ҳар биридан ўн йил ютаман!
Ўн йил!
Осон эмас бу тарзда енгмоқ.
Осон эмас бироқ менга ҳам:
Ёлғиз ҳайкал бўлиб яшамоқ тунлар
Темир-бетон майдонида шеърларнинг…
МИНГ ИККИНЧИ КЕЧА
Сени сўрамадим осмондан,
Ойдан сени сўрамадим мен.
Сени сўрамадим қувончдан,
Ғамдан сени сўрамадим мен.
Минг бир кечасини севгининг
Ёзиб тугатганлар мендан илгари.
Сени сўрамадим мен эртаклардан,
Ечиниб бўлганлар эртак ҳурлари!
Янги эртак керак биз учун,
Янги эртак учун мен ва сен керак.
Бўйинг баланд эканлигин биламан, холос,
Хотимасин билмайман мен эртагимизнинг.
Кўзларим очиқдир, қўлларим очиқ,
Ҳаётим очиқдир улкан қучоқдай.
Ушлаб қололмайди нуқта, вергуллар,
Қўштирноқлар беркитолмайди.
Бўйинг баланд эканлигин биламан, холос.
Кел, бизнинг эртак ҳам бошлансин!
Келгин, кўзларимнинг кенгликларини
Биргина нигоҳинг билан тўсиб қўй.
Келгин, қўлларингнинг қавс белгилари
Мени беркитсинлар, тўхтатсин мени.
СЕНИНГ ВАСФИНГ
Қошларингни тасвирлайман,
Кўзларинг учун
Сўзлар қидираман – энг порлоқ сўзлар.
Сочларингни тасвирлайман,
Афсоналарнинг
Тушига кирмаган сўзларни топиб.
Лаблар очилади,
Садаф тишлардан
Оппоқ