Скачать книгу

суратга тушириб келиш ҳам зарур эди. Ўша куниёқ Гайдаржи фотожиҳозларимни авиапочта орқали тезлик билан юборишларини илтимос қилиб уйимга телеграмма жўнатди. Моддий таъминот масаласидаги таклифим ҳам маъқулланди. Унга кўра, мен аскар йигитларни суратга олиб, пулини шу ишларга сарфлашим керак эди. Ўша куниёқ мени ўқишдан, сафда юришдан озод қилишди-да, “рота кутубхоначиси, почтачиси, Ленин хонасининг мутасаддиси” этиб тайинлашди. Фотожиҳозларим етиб келмай туриб, ишга киришдик. Николай Козлов Донецкнинг Дебальцево шаҳридан экан. Педагогика институтининг учинчи босқичигача амаллабди-ю, бу ёғига эплай олмай, ҳайдалиб, ўзини бу ерда кўрибди. У моҳир рассом эди. Ўқиганлиги туфайли бошқа ҳамюртларига қараганда анча маданиятли эди. Сўкинмасди, бақирмасди. Бўяш, оқлаш қўлимдан келгани туфайли икки катта хонани тўрт кунга қолмай таъмирдан чиқардим. Козлов эскизларни тайёрлагунча мен рота ҳаётига доир суратларни олишга киришдим. Сурат ишлашга зарур фотоплёнка, фотоқоғоз ва кимёвий дорилар олиш учун шаҳарга йўл олдим. Пешин пайти барча офицерлар овқатлангани уйларига шошар эканлар, уларга салом (чест) беравериб чарчадим. Иттифоқо, шаҳар кутубхонаси рўпарасидан чиқиб, ўша ёққа кирдим. Ленин ҳаётига доир, уруш манзаралари акс этган альбомларни сўраб олиб, суратларни танладим. Ишим битгунича кўча анча бўшаб қолиб, изимга бемалолроқ қайтдим. Бир дўкон ёнидан ўтаётиб чиқитга ташланган пенопластга кўзим тушди. Ундан ҳарфлар кесиб олиш мумкин эди, Тошкентда шунақасини кўргандим. Дўкондордан сўраб олдим. Козловга фикрим маъқул тушди, лекин пенопластни фанер қалинлигида кесиш керак эди. Тошкентда бу усулни ҳам кўрган эдим. Гайдаржидан илтимос қилган эдим, электроплитанинг спиралини олиб келиб берди. Спиралнинг бир қисмини чўзиб, симга айлантириб икки учини токка уладим. Сим қизигач, пенопластни яқинлаштирдим. Худди электр аррада ва рандада ишлагандай ғоят эҳтиёткорлик лозим эди. Қўл симга тегса куярди, бу ҳам майли, ўт чиқиб кетиши эҳтимоли бор эди. Пенопласт фанер қалинлигида палахса-палахса қилиб кесиб олингач, Козлов ҳарфларни чизиб берди. Камина лобзик (қиларра) билан ҳарфларни чиқариб бердим. Хуллас, Козлов ёрдамчисидан миннатдор бўлди. Лекин аскарларни суратга олишдан сержантлар ғазабланишди. Уларнинг назарида мен пул ишлаб, бойиётгандай эдим. Аввалига “шаҳарга тушганингда суратларнинг пулидан бизга вино олиб келиб бер”, деб талаб қилишди. Талабларини бажармадим. Взвод командирининг ўринбосари Танчинец “Сени жазолашмоқчи, эҳтиёт бўл”, деб огоҳлантирди. Ўша кеча текширувдан сўнг кутубхонага кириб, эшикни беркитиб олдим. Узун стол устида газеталар тахлами бор эди, эрталабгача менга тўшак вазифасини ўтади. Сержантлар кечаси каминани қидириб топа олишмагач, рота командирига мени ёмонлашибди. “Кечаси “самоволка”га (ўзбошимчалик билан яширинча шаҳарга чиқиш) чиқади, аскарларнинг пулини шилиб оляпти”, дейишибди. Нодонликлари шунчаликки, ўзбошимчалик билан шаҳарга чиқишга ҳожат йўқ, қўлимга доимий рухсатнома бериб қўйишган, аскарлардан олинган пул чўнтагимга тушмаслигини командир билади.

Скачать книгу