Скачать книгу

суҳбат” асари юқори лавозимли кишиларга ёқмай, “Ҳолвани ҳоким ейди, даррани етим ейди”, деганларидек, китобга муҳаррирлик қилган Машраб Бобоев ишдан бўшатилдилар. Бошқа ерда ишласалар ҳам, учрашувларимиз, суҳбатларимиз давом этаверди. Кейинчалик Ғафур Ғулом номидаги нашриётда бирга ишладик. “Бир кўча, бир кеча” китобимга муҳаррирлик қилдилар. Китоб чиққач, миннатдорлик билан дастхат ёзиб, “вице гўзал” деб имзо чекдим. Кулдилар. “Бош гўзал ким?” деб сўрадилар. “Сиз-да”, дедим. Роҳатланиб кулиб, дастхатни кўпчиликка кўрсатиб чиқдилар. Ўша йиллари Саид Аҳмад, Шукрулло, Азиз Абдураззоқлар чирой масаласида бир-бирларига ҳазил қилиб юришарди. Ёшроқ авлод орасида ҳам бу ҳазил давом этарди. Дастхатда шу ҳазил, шу киноя акс этганди.

      Етмишинчи йилларнинг бошлари эди, Машраб ака яшайдиган эски уй бузиладиган бўлди. Аканинг аҳволидан хабар олайлик, деб деярли бузилиб бўлган маҳаллага бордик. Кундузи харобазор кўринишида кўзга ташланган маҳалла қош қорайганда қўрқинчли тусга кирган эди. Машраб аканинг уйлари қўққайиб турибди. Сал нарида бульдозер қораси кўринади. Уйчага яқинлашиб, чақирдик. Жавоб бўлмади. “Кўчиб кетибдилар-да”, деган хаёлда қайтмоқчи эдик, ичкаридан янганинг “ким?” деган хавотирли овозлари эшитилди. Ўзимизни танитиб, ичкари кирдик. Жужиқларини қанотлари остига олиб уй ўртасида қўрқиб ўтирган эканлар.

      – Хўжайин қанилар?

      – Ҳали ишдан қайтганлари йўқ… Бугун электрни узиб қўйишди.

      Уларни бу ҳолда ташлаб кета олмасдик. Дўстимизнинг монтёрликдан хабари бор эди, эски-туски симларни топиб, улаб, чироқни ёқди. Қўрқув тарқаб, болаларнинг кўзларида нур кўринди. Янга ерга дастурхон ёзиб, лаганда таом қўйдилар. Шу пайт остонада Машраб ака кўриндилар-да, худди саҳнада роль ўйнаётгандай хитоб қилдилар:

      – О, садоқатли дўстларим!

      Аканинг кайфи борлигини сезиб, дўстимнинг пешонаси тиришди.1970 йилнинг баҳорида Машраб ака қаттиқ оғриб, ошқозонларининг ярми олиб ташланган эди. Шаҳарда ёлғиз яшаётганлари учун биродаримиз содиқ дўст бурчини бажариб, шифохонада бирга бўлган. Шу сабабли Машраб аканинг ичганини билса, уришиб берарди. Хотини ва болалари олдида қўпол гапириб юбормаслик учун, юзини буриб олди. Машраб ака эса буни сезмай, остонада турганларича хитобларини давом эттирдилар:

      – Тоҳирхон, лагандагини “ғилвинди” дейишади. Олинглар, ғилвиндидан олинглар…

      – Дадил кираверинг, ўзингиз ҳам нақ ғилвиндидай пишиб, етилиб-сиз, – дедим.

      Кула-кула кириб, ўрис майхўрлар каби икковимизни маҳкам қучоқлаб, бетларимиздан ўпа кетдилар.

      – Эртага икковимизга икки литр сульфат кислотаси топишимиз керак, – дедим, кўришиш маросими тугагач.

      – Нега? – деди дўстим. Ғашланиб ўтиргани учун ҳазилимни тушунмади.

      – Аканинг ўпишидан кейин бетимизни совунлаб ювсак ҳам тоза бўлмайди, кислотада ювишимиз керак, – дедим.

      Дўстим қовоғини очмади, таомдан бир-икки чимдим еган бўлди. Менга ғилвинди

Скачать книгу