ТОП просматриваемых книг сайта:
Ўзим билан ўзим. Аъзам Аҳмад
Читать онлайн.Название Ўзим билан ўзим
Год выпуска 0
isbn 978-9943-26-110-5
Автор произведения Аъзам Аҳмад
Издательство SHARQ
Директор сўзини бу гапнинг ишхона учун нақадар шармандалик, бениҳоя хунуклигидан бошлади, ўғри («ўғри», демади, «пулни олган», деди) ташқаридан кирган бегона эмаслиги, қизларга стипендия текканини билиб, тушликка чиқишларини пойлаган одамлигини айтиб, «Ким тушликда шу ерда қолган бўлса, ўша олган», деди. Мусо ўтирган жойида чўкиб. кетди. Директор давом этиб, «Балки ўша ноинсоф ҳозир ичимизда ўтиргандир», деб тахмин қилди. Бу Мусога: «Ҳой, ноинсоф Мусо, тур ўрнингдан. Ҳамманинг ўртасида бўйнингга ол!», дегандек эшитилди. Ҳамма унга қараётгандек, ҳамма уни ўғри тутиб, мардларча бўйнига олишини кутаётгандек туюлди. «Мен олмадим. Олмаганимни ўзим аниқ биламан-ку, ахир», дея ўзига таскин берди, шўрлик. Хайрият, ҳеч ким «Пулни Мусо олган», деб ўрнидан сапчиб турмади. Мусонинг бугун тушликка эртароқ чиқиб, дарров қайтганини сотиб қўймади. Бундан ташқари, директорнинг мажлис чақиришдан мақсади ўғрини топишдан кўра (қайдан топади!), пулини очиқ-сочиқ ташлаб кетган қизларни тергаш, маҳаллий комитетдан ёрдам уюштириш, энг асосийси – бу хунук гапни ишхона остонасидан четга ҳатлатмасликни қаттиқ уқтириб қўйишдан иборат экан.
Мажлисдан бош чайқаб, афсус билдириб тарқалдилар. Мусонинг назарида, одамлар пулидан ажралган қизларга эмас, пулни олган одамга ачинаётган-дек, тўғрироғи, уни назарда тутиб, «Шундай йигит-а!», деяётгандек эдилар.
Йўқолган пул икки кунча одамларнинг оғзида ширин сақич бўлди. Ҳеч ким ўзида терговчилик масъулияти, жавобгарлигини ҳис қилмагани учун, орқаворотдан икки-уч киши ўғри деб топилди, барча яхши-ёмон томонлари тарозига солингач, яна орқаворотдан оқланди. Шундай қизиқ воқеани бошқа жойда айтиш қатағон этилгани сабабли, гап фақат ишхонада қизиди. Учтадан йигирма бешталик, тўрттадан беш, биттадан уч сўмлик экан йўқолган пуллар. Мунаввар Ҳалима опа берган эллик сўм қарзини қайтариши, Карима пул қўшиб, қишлик пальто олиши керак экан. Ноинсоф шу муштипарларнинг ҳақига кўз олайтирибди. Кейин умуман ўғрилик ҳақида гап кетди. Тўртта одам йиғилган жойда қадим замонлардаги каллакесар, йўлтўсар, тоштешар, қулфбузар, чўнтаккатушар ўғрилар ҳақида даҳшатли ва қизиқарли ҳангомалар айтилди. Хуллас, Насриддин афанди қирқ ўғрини қандай алдаган бўлса, ишхонадаги бир ўғри қирқ тўғрини шундай лақиллатди – уни ҳеч ким тополмади.
Бу ҳангомалар босилгунча Мусо ўзини ўзи еб қўйди, бироқ, хайрият, ҳеч ким ундан шубҳаланмади, унинг ҳам кўнгли тинчиди. Ҳамма қаторида ёрдам маъносида ундан ҳам беш сўм сўрашганда, гуноҳдан фориғ бўлгандек, жуда енгил тортди. Агар ундан гумонсирашса, боёқиш камбағал, ўзини қандай оқлашни ҳам билмасди: директорга пулим йўқ, деб ким кўзёш тўкди – Мусо; доим тушликка ким қарз сўрайди – Мусо; кимнинг ойлиги кам – Мусонинг; ойлиги кам бўлса ҳам, тез-тез ресторанларда ким давру даврон суради – Мусо (айш-ишратга қайдан топади?); ким қизларнинг хонасида лақиллаб юради – Мусо; энди, худди ўша куни айни тушлик пайтида ишхонада ким қолган эди