Скачать книгу

кийим-кечак тўғрилаганмикин. Бу ҳам катта ғалва – қирқта кўйлак қўйиш керак. Ҳар бири юз сўмдан кам эмас. Тавба, яхши кўрганингдан кейин жанда-жунда ҳам бўлавермайдими? Йўқ, бу замоннинг қизларига камида пошшонинг маликаси киядиганидан топиш керак. Илгари одамлар бир қоп жухори, уч газ читми, бўзми, шу билан хотин тушириб олган. Э-э…

      Султон ҳар бири қучоқни тўлдирадиган теракларнинг аввал тубига, сўнгра учига мунғайиб қаради, назарида, улар булутларга туташиб кетгандек эди. Шерқўзи эса ўғлининг уйланишига рухсат бериб, оталик бурчини ўтаган, аммо унинг бошига тушган фожиадан гангиб қолган одамдек елкасидан босиб турган юкни базўр кўтариб, оғир-оғир қадам ташлаганча жўнади, йўл-йўлакай кафтини тўлдириб нос отди.

      – Сўраб келдим, – деди Каромат эрини кўрган заҳоти. – Бугун кечқурун кетар экан.

      – Хафами?

      – Ҳа, хийлагина, – дея Каромат эрининг оғзига термилди.

      – Пулдан ўнта ўн сўмлмк олиб чиқ. Яп-янги, шалдираб турганидан! – деб буюрди Шерқўзи.

      Мусо акасини кўриб қовоғини уюб олди, кўришмади ҳам. Шерқўзи эса ўзини жуда ғариб тутди, укаси саломлашмаслигини билса ҳам қўлини чўзди.

      – Отам қани? – деб сўради.

      – Хатмга кетди, – деб тўнғиллади Мусо.

      – Бийим-чи?

      Мусо тескари ўгирилиб олди:

      – Билмайман!

      – Қаёққа кетди экан, а? – деди Шерқўзи кампир онасида жуда зарур иши бордек.

      – Келин ахтариб кетган. Менга! – деди Мусо.

      Шерқўзи йўталиб қўйди, томоқ қирди, «Эҳ-э, кеча тоза тегиб кетган кўринади. Пулингиз керак эмас, деб бойваччалик ҳам қилса керак», деб ўйлади.

      – Ҳа, ука, менинг ҳам куним битганга ўхшайди, – деди Шерқўзи дабдурустдан йиғламсираб. Атай бурнини ҳам тортиб қўйди. – Мазам йўқ, ука, мазам йўқ. Шу йил қишда ўпкани олдириб қўйганга ўхшайман.

      Мусо акасига ишонқирамай қаради, индамади.

      – Кўкламда, ренгин келувди… – Шерқўзи гапининг давомини айтмай, худди ҳозир, айни дамда бу дунё билан хайрлашаётган одамдек «олис-олислар»га – шифтнинг бурчагидаги ўргимчак уясига чексиз қайғу билан термилди: «Тавба, минг хил жонзот бор-а, шу ҳам кун кўрса керак-да энди».

      Мусо лаққа тушди.

      – Хўш-хўш?

      – Отамга айтолмай юрибман. Доғимни кўтара олмайди, деб қўрқаман. Илиниб турган бобой нарса, йиқитиб қўяманми, дейман-да. Мендан олдин қайга борасан, сендан олдин мен кетишим керак, деб… Эй худо, сенга нима ёзиғим бор эдики, отамдан илгари мени олсанг! Сен Масковда, муштипар сингилларим ўз рўзғори билан… Мен бунақа қия бўлиб кетсам, бобойнинг оғзига ким сув томизади? Ким ҳасса ушлаб, «вой, отам»лаб туради? Ҳаммангнинг йўлингга термилиб кўзи очиқ кетадиган бўлди-да отам бечора… – Шерқўзи буни аниқ тасаввур қилдию гапига ўзи ҳам ишониб, бирдан ўпкаси тўлди, кўзларидан тирқираб ёш келди. Мусоқулбойнинг ҳам ияклари қалтираб қолди.

      – Ҳа, шурлик отам! Етмишдан ошганда бу кўргиликлар ҳам кутиб турганмиди! – Шерқўзи кафти билан кўзларини артди. – Ука,

Скачать книгу