ТОП просматриваемых книг сайта:
Танланган асарлар: 1-жилд. Ўткир Ҳошимов
Читать онлайн.Название Танланган асарлар: 1-жилд
Год выпуска 0
isbn
Автор произведения Ўткир Ҳошимов
Издательство SHARQ
Муқаддам елкаларини силкитиб қаҳ-қаҳ уриб кулди.
– Сиз ўшанда ҳам бўшгина экансиз-да…
Анвар ювош жилмайди.
– Ким билсин…
Аста-секин оқшом қўна бошлади. Тол шохлари соядай қорайиб қолди. Шабада турди. Япроқлар дув тўкилиб, сув юзига чипиллаб туша бошлади.
– Дадам ўлганидан кейин биз шаҳар ҳовлига кўчиб кетдик, – деди Анвар ўйчан овозда. – Шунда ҳам мен ўнинчини битиргунча Бўстондан кетмадим. Мактабни битираётганда одам бошқача бўлади-ку… Мен шоирликни орзу қилгандим.
– Шоир бўлолмадингиз! – Муқаддам кулги тўла овозда унинг гапини кесди. Кейин юпатди: – Майли, журналист бўлдингиз-ку!
– Ким билсин ҳали… Ишни энди бошладик-ку! – У яна дўстини эслади. – Алимардон консерваторияни яхши битирди. Кўрасиз, ундан яхши бастакор, яхши артист чиқади…
Икковлари тағин жимиб қолишди. Муқаддам бемалол ўтирар, кетгиси келмаётганга ўхшар эди. Анвар кеч бўлиб кетаётганини кўриб ийманар, бу йўл камқатнов бўлса ҳам биров ўтиб қолишидан, “Бу ерда нима қилиб ўтирибсанлар?” – дейишидан истиҳола қиларди. Атрофни ғира-шира қоронғилик ўради. Сув юзига илк юлдузлар шўнғиди.
– Кетамизми? – деди Анвар ўрнидан туриб. – Қаранг, қоронғи тушиб кетди.
У Муқаддамни қўлидан ушлаб, лопиллаб турган яккачўпдан эҳтиёт билан олиб ўтди.
– Катта анҳор экан… – Муқаддам қирғоққа чиқиб енгил нафас олди. – Оти нима?
– Қонқус… – деди Анвар йўл бошлар экан.
Муқаддам таққа тўхтаб қолди.
– Қонқус?!
Анвар унинг орқада қолиб кетганини овозидан пайқади-ю, ўгирилиб қаради. Муқаддам беш-олти қадам орқада турар, қоронғиликда гавдаси элас-элас кўринарди.
Анвар қайтиб келиб шивирлади:
– Юринг! – Бир неча қадам босгандан кейин тушунтирди. – Эски ном-да…
Муқаддам оппоқ сўқмоқдан авайлаб қадам ташлаб бораракан, яна сўради:
– Нега унақа?
– Ҳар хил гаплар бор, – Анвар унга қараб қўйди. – Биттаси менга айниқса ёқади… Бир вақтлари бу ердан катта дарё ўтган, дейишади. Дарё бўйида шаҳар бор экан… Бир куни шаҳарга душман ҳужум қилиб қолибди. Шаҳар одамлари дарёнинг кўпригини бузиб ташлашибди… – У яна Муқаддамга бурилиб қаради. – Дарёнинг кечув жойи бор экан-у, уни шу шаҳардаги икки йигитдан бошқа ҳеч ким билмас экан. Иккала дўст битта қизни яхши кўришар экан.
Қамал бўлмасидан бир ҳафта илгари қиз йигитлардан бирига – ўз севганига теккан экан. Иккинчи йигит дўстидан қандай қилиб бўлмасин қасос олишга, қизни қўлга киритишга қасам ичган экан. Душман шаҳарни ўраб олиши билан ўша йигит хоинлик