ТОП просматриваемых книг сайта:
Катта хонадон 1. Салом Муҳаммад
Читать онлайн.Название Катта хонадон 1
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5990-9-3
Автор произведения Салом Муҳаммад
Издательство SHARQ
Опасининг бемавруд келиши Ҳабибани ажаблантирди. У кўпинча эри билан, унинг машинасида тўлиб-тошиб келарди, бир-икки соат ўтириб, тезда қайтиб кетар эди. Бу сафарги кўриниши ғалатига ўхшаяпти. Опагинасининг кўзлари киртайган, юзи ҳам лимон пўстидай сарғайибди.
– Тобиз қочувдими, опа? – уйга кирар-кирмас Ҳабиба ундан сўради. – Яна ёлғиз келибсиз? Язнам қани?
– Ҳа, тобим йўқ, Ҳаби, – Роҳила синглисини қайта бағрига босиб, йиғлаб юборди. Ҳабиба қўрқиб, қорачароқ юзлари бўз тусини олди, қўллари шалвираб, пастга тушди. Буни Роҳила пайқамагани ҳолда ҳиқиллаб, сўзида давом этди. – Бундай юргандан ўлганим яхшийди.
– Тўхтанг, опа, тузукроқ гапирсайиз-чи, одамни қўрқитиб юбордиз, қанақа касалсиз? – у опасининг ёшли кўзларига синчиклаб қаради. – Қаериз оғрийди?
– Э, мен-ку, балони ўқидайман…
– Язнам билан уришдизми?
– Йўқ, Ҳилола… – Роҳила яна тўлқинланиб, фикрини айтолмади.
– А? Ҳилолага нима бўлди? Наҳотки бачасига бирор нима бўлган? – Ҳабиба аввалгидан ҳам бадтар қўрқиб, опасига анқайиб қаради.
– Ўзиям тузук, бачасиям яхши, фақат куёвимиз нобоп чиқди, – Роҳила яна кўзёшларини оқизди. – Шунга бош қўшмай ман ўлай…
– Нобоп? Уришқоқ эканми? Ароқхўрлиги ростмикан, опа?
– Ароқхўрдан ҳам баттар… Гиёҳванд-банги экан.
– Вой ўлай… – Ҳабибанинг бошига кимдир каттакон тош билан туширгандай гангиб қолди. Бир неча сония тилига ҳеч бир сўз келмай жим қотди. Жуда мушкул аҳволга тушиб қолгандай кўринарди у. – Вой шўрим… Туш кўрмаяпманми, опажон?
– Кеча хабар олгани борувдим, йиғлаб, ёпишиб олди. Анча вақтгача гапиртиролмадим…
– Уриб, бирор ерини шикаст қилмабдими ишқилиб?
– Йўқ, урмаган, сўкмаган.
– Унда… – Ҳабиба каловланди, – қандай билибди гиёҳвандлигини? Ўзи айтиб берибдими?
– Ўзи ўлгур ўша загсга борганида хумор тута бошлаган пайти экан. Ўша учун рангги, кўзи Ҳилолага бежо, ёмон кўринган. Тайсаллаб, пиёнистага ўхшайди, қайтаринглар, деб йиғлавди. Зўрға кўндирганмиз, эсингда бўлса…
– Буни менга айтмагансиз, опа.
– Ҳа, овоза бўлмасин, гап кўпаймасин, деганмиз-да… Шериклари яқинда уни олиб кетиб, ичиришган. Икки-уч кундан кейин хумори тутган. Аввал оз-оздан ичиб юраркан, кейин кўпайтирган. Хумори тутса, жуда хунуклашаркан…
– Киноларда кўрсатганидай, денг…
– Ҳа-ҳа, ўшандай… Рангги-қути ўчиб, титраб-қақшаб, нима қиларини билмай тўлғонган…
– Ҳм… – Ҳабиба лабини тишлаб, ўз чаккасига шапалоғини урди. – Даҳшат… Қанийди бу гаплариз туш бўлиб чиқсайди…
– Ўртоқлари олиб кетган кеча маст бўлиб келган, жуда қувноқ бўлган, эртасига ичгани учун кечирим сўраган, энди ичмасликка ваъда берган…
– Унақаларда ваъда бўладими, опа? Хумори тутганда минг ёлғонни тўқиб ташлайди, кўзига ҳеч нима кўринмайди, дейдилар.
– Шунақайкан. Уйда Ҳилолага бериб қўйган беш минг сўм пули бор экан. Ўшани сўраб олибдию чиқиб кетибди. Баданидан ғалати ҳид сезиб, Ҳилола ундан ҳадиксирабди. Нималигини сўраса, кулибди,