ТОП просматриваемых книг сайта:
Катта хонадон 1. Салом Муҳаммад
Читать онлайн.Название Катта хонадон 1
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5990-9-3
Автор произведения Салом Муҳаммад
Издательство SHARQ
– Ҳа демай, пенса оламан. Шундайлигича ишлатинглар.
– Ие, ота, пенсайиз бизани боқиб турибди-ку! – Фазлиддин ниманидир бой беришни истамагандай отасини огоҳлантирган бўлди. Аммо бу гапи ўзига эриш туюлдими, шогирдидан келган пулни эсладими, фикрини дарҳол ўзгартирди. – Хай, бирор чора топилар…
– Замонга қараб иш тутинглар, – деди Одил бобо. – Ўзларингни қийнаб, танг аҳволга тушманглар. Имконларинг бўлса, пенсамга бир нима қўшинглару битта тузукроқ буюм олинглар.
– Шунча акалару опалар бўлатуриб, биттагина нарса билан боришга уялади киши, – деди яна Ҳабиба бўш келмай. – Жа ўлар жойда эмасмиз. Ҳали кўп ишлатганим йўқ, тикиш машинамни шулар ёнига қўшаман. Бу ёқда Баҳри ҳам қараб турмас…
– Албатта, албатта, – Баҳриддин опасини маъқуллади. У олий ўқув юртида дарс берар, дотсентлик унвони бор, шу билан бирга савдо-сотиққа асосланган фирма ҳам очган эди. Бунинг устига у анча феъли кенг, сахий, яқинларидан ҳеч нимани аямасди. Опаси шуни ҳисобга олиб, уни “кураш”га тортганини аниқ ҳис этди. – Уялмаслик йўлини излаб топармиз.
– Баракалла, бачам, кўўп оғирликлар санга тушопти-да.
– Ишим юришиб қолса, сизларни қийин аҳволда қолдирмийман, ота. Нафақайизни ярмини, ҳозирча, ўзизда қолдириб туринг. Заҳри акам эса, аниқки, ҳазиллашаёптилар, биламан, иш бошласак, қараб ўтирмайдилар.
– Йўқ, мени сираям иложим йўқ. Сизлар имкон борича қилаверинглар, бойисам, кейин ҳиссасини чиқарарман.
– Мен битта гилам қўшаман, – деди секингина, гўё ваҳима қилмай Ҳусниддин. – Хўш, энди қачон боришимизни белгилайлик. Дам олиш кунлари бўлгани тузук.
– Бир ойдан кейин, худди шу куни, – деди Баҳриддин ўйлаб туриб. – Катта акам билан ўзим гаплашаман. Ҳилоланиям хабардор қилиб қўйиш зарур.
– Эртагаёқ унга айтаман, – деди Роҳила мўлжал кутганидан зиёд чиққанидан қувониб. – Лекин юки оғирлашмасдан аввал бўлгани маъқул-да.
– А? Ҳилола иккиқатми? – Одил бобо беихтиёр кўзлари ёшланиб, қувончли овозда сўради.
– Ҳа, бешинчи ойга кетобди, – дея Ҳабиба жавоб қайтарди. – Суюнчи беринг, ота, ҳамма фарзандлариздан навералар бор.
– Севинчини туққанида оласан, бачам. Хай, унда “Кўрди”ни кечиктириб бўлмасакан.
– Кечиктирмаймиз, ота, – деди Баҳриддин, сўнг Роҳилага юзланди. – Опа, сиз Ҳилола билан гаплашинг, унга қайси вақт қулай бўлса, боришга ҳаракат қиламиз. Бир ойни кутиб ўтирмасмиз балки.
– Айланай сандан, укажон, ишларинг юришиб кетсин! – Роҳила укасини қучиб, иккала юзидан ўпди. – Эртага гаплашиб, сизларга хабар бераман…
Аммо “гаплашув” дилларни алғов-далғов қилди: Роҳила ер комига бир қарич чўккандай ҳис этди ўзини.
“Вой мен ўлай! – дерди у нуқул ўзига ўзи. – Шу ишга бош қўшган ишламас бошдан айрилай…”
Опа-сингилнинг суҳбатини, Роҳилани ер қаърига “чўктирган” зил гаплашувни кейинроққа қолдирамизу яна Ҳилоланинг самога йўллаган сасларини тинглаймиз.
Скачать книгу